Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда боғчада тарбиячи кичик ёшдаги болага нисбатан қўпол муомала қилаётганлиги акс этган видео тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
Мазкур ҳолатни Болалар омбудсмани мутасадди ташкилотлар билан бирга ўрганиш ишларини олиб бориб, расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, мазкур ҳолат жорий йилнинг 27 март куни Юнусобод туманидаги мактабгача таълим ташкилотларидан бирида содир бўлган. Тарбияланувчи С.Х. нинг онаси Н.Х. гуруҳ тарбиячиси томонидан вояга етмаган фарзандига қўполлик қилганлиги тўғрисида Юнусобод тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимига мурожаат қилган.
Мурожаатда Н.Х. тарбиячи С.И. кундузги машғулот вақтида фарзанди йиғлаганлиги учун болага қўпол муносабатда бўлиб, унга қўл кўтарганлиги, бунинг натижасида фарзандининг қўлида кўкаришлар борлигини билдирган.
Юнусобод тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳолатни ўрганиши давомида тарбиячи ҳақиқатан ҳам болага нисбатан ниҳоятда қўпол, педагог учун хос бўлмаган муносабатда бўлганлиги аниқлаган.
"Жорий йилнинг 29 март куни тарбиячи С.И. га нисбатан интизомий чора кўрилди ва тарбиячи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди",- дейилади хабарда.
Ҳозирда ҳолат Юнусобод тумани прокуратураси томонидан ўрганилмоқда.