Поиск
RUUZ

Политика

Ўзбекистоннинг янги тайинланган элчиси Ҳиндистон президентига ишонч ёрлиқларини топширди

Томонлар Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилишди.

31views0replies
0

dunyo.info

Жорий йилнинг 26 январь куни Сардор Рустамбоев Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонасига раҳбар тайинлангани ҳақида хабар берган эдик. Бугун Сардор Рустамбоев Деҳлидаги "Раштрапати Бҳаван" саройида Ҳиндистон президентига ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар бермоқда "Дунё".
Расмий маросимдан сўнг бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ҳиндистон президенти Ўзбекистон президентига юксак ҳурмат ва самимий тилакларини изҳор этди, мамлакатимиз раҳбарияти ва халқига тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик тилади.
Олий ва юқори даражалардаги мунтазам учрашувлар ва мулоқотлар икки давлатнинг кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги кучли сиёсий иродаси ва қатъиятини тасдиқлаётгани, стратегик шерикликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш имкониятини тақдим этаётгани таъкидланди.
Сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни фаоллаштириш учун улкан салоҳият ва ўзаро интилиш мавжудлиги қайд этилди.
Икки томонлама ҳамкорликнинг замонавий ҳолати юқори баҳоланиб, барча соҳаларда ўзаро манфаатли алоқалар янада ривожланишига ишонч билдирилди.
Ҳиндистон президенти Ўзбекистон элчисига ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш йўлидаги масъулиятли фаолиятига муваффақият тилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг янги элчиси Сардор Рустамбоев 2024 йил 25 январь куни Деҳлига етиб келган эди. Бунгача у Ўзбекистоннинг Франциядаги дипломатик ваколатхонасига раҳбарлик қилган.
31views0replies
0

Комментарии