Президент Шавкат Мирзиёев 25 март куни бутун Наманганда ўтказилган ифторликда иштирок этди. Давлат раҳбари мамлакат мусулмонларини Рамазон ойи билан яна бир бор табриклади.
"Бугун барчамиз – муҳтарам уламоларимиз ва нуронийларимиз, жамоатчилигимиз вакиллари биргаликда ифтор қилмоқдамиз. Ягона, аҳил оила бўлиб яшаётган кўпмиллатли Ўзбекистон халқи бугун гўёки бир дастурхон атрофида жам бўлиб ўтирибди. Ўйлайманки, бу савобли тадбир инсон қадрини улуғлашга, ўсиб келаётган ёшларимизни мана шундай олижаноб руҳда тарбиялашга хизмат қилади", – деди Шавкат Мирзиёев.
Қайд этилишича, яқинда 40 дан зиёд уламолар Россия, АҚШ, Жанубий Корея, Туркия, Мисрга сафарга юборилди. У ерлардаги ватандошларимизни дину диёнатга даъват этиш билан бирга, ҳозирги таҳликали вазиятда огоҳ бўлиб, қонунларни ҳурмат қилиш, ёмон йўлларга кирмаслик зарурлиги ҳақида суҳбатлар қилишди.
Шавкат Мирзиёев Алишер Навоий бобомизнинг “Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай, онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай” деган ҳикматини ёдга олди.
Бундай қараш муқаддас динимизнинг асл инсоний моҳияти билан ҳамоҳангдир. Ҳақиқатан ҳам, чинакам мусулмон ўзига раво кўрган нарсани бошқаларга ҳам раво кўради.
Мамлакатимизда халқ фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартиришга саъй-ҳаракатлар моҳияти айтиб ўтилди.
"Муборак Рамазон ойи шарофати билан юртимизда, жами мусулмон ўлкаларда, бутун дунёда тинчлик, барқарорлик ҳукм сурсин, одамлар, халқлар ўртасида дўст-биродарлик, ўзаро ҳурмат туйғулари устувор бўлсин. Кучлилар – ожизларга таянч, саховатпешалар – муҳтожларга ёрдамчи, ёшлар – қарияларга ғамхўр бўлсин. Динимизда белгилаб берилган тўғри йўлдан оғишмайлик, айни пайтда замон билан ҳамнафас яшайлик. Ёшларимиз билимлари билан жаҳонга танилиб, юртимиз довруғини юксакларга кўтаришсин. Ўзбекистон дунёнинг энг олди, энг илғор давлатларидан бирига айлансин. Тутган рўзаларимиз, дуоларимиз даргоҳида қабул бўлсин", – деди президент.
Қуръон оятлари тиловат этилиб, Аллоҳ таолодан халқга тинчлик-фаровонлик тилаб дуолар қилинди.