Ўзбекистонда “Антиструмин” дори воситасини ишлаб чиқарган Samo МЧЖ корхонаси лицензияси вақтинчалик тўхтатилди. Бу ҳақда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, корхона томонидан қўпол қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйилганлиги аниқланиб, 2023 йил декабрь ойида “Само” МЧЖ лицензиясини бекор қилиш тўғрисида Марказ томонидан судга даъво аризаси киритилган эди.
Наманганда юз берган заҳарланиш ҳолати юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича суриштирув-тергов ҳаракатлари олиб борилаётганлиги сабабли мазкур иқтисодий иш билан боғлиқ суд, жавобгарнинг илтимосномасига кўра 2024 йил 19 январда тўхтатилди.
Аҳолининг ҳаёти ҳамда соғлиғи учун таҳдид юзага келишининг олдини олиш мақсадида, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг юқоридаги иқтисодий иш бўйича якуний суд ҳужжати қабул қилингунига қадар “Само” МЧЖнинг лицензиясини тўхтатиб туриш тўғрисида Зангиота туманлараро иқтисодий судига киритган илтимосномаси суднинг тегишли ажримига мувофиқ қаноатлантирилди.
“Само” масъулияти чекланган жамиятига тегишли (дори воситаларини ишлаб чиқариш учун 2020 йил 30 мартда берилган) 15571-сонли лицензиянинг амал қилиши вақтинчалик тўхтатилди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг сентябрь ойида Наманган вилоятидаги боғчада 71 нафар бола "Антиструмин" йод препаратидан заҳарланиш аломатлари билан касалхонага ётқизилганди. ССВ вазири болаларга бу дори юқори дозада берилганини тан олганди. Шунингдек, ҳолат юзасидан бир нечта мансабдорлар ҳам қамоққа олинганди.