Даврон Хидоятов "Узавтосаноат" АЖ бошқарув раисининг инновация ва инвестициялар бўйича ўринбосари лавозимига, Сахапов Александр Александрович эса бошқарув раисининг сотувни ривожлантириш ва маркетинг бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди, дея хабар бермоқда "Узавтосаноат" АЖ Матбуот хизмати.
Мазкур тайинловга қадар Даврон Хидоятов Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри ҳокими лавозимида фаолият юритган.
Даврон Хидоятов автомобилсозликнинг бошқарув соҳасида қолаверса, айни йўналишда кўп йиллик иш тажрибасига эга бўлиб, турли йиллар мобайнида "UzTruck and Bus" компаниясини бошқарган. Шунингдек, "Узавтосаноат" АЖда Молия масалалари бўйича бошқарувчи директор сифатида ишлаган.
2014 йилда Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси лавозимига тайинланган.
2017 йилдан бошлаб турли даврларда Тошкент шаҳар Чилонзор тумани ҳокими, сўнгра Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари, Тошкент вилояти ҳокими, кейин эса Чирчиқ шаҳар ҳокими лавозимларида фаолият юритиб келган.