Поиск
RUUZ

Общество

Самарқандда 13 ёшли бола оёғидан темир занжир билан кишанланиб, машинада олиб кетилди — видео

Мазкур ҳолат тафсилотлари очиқланди.

658views0replies
0

Аввалроқ, ижтимоий тармоқда машинанинг орқа ўриндиғида оёғига занжир солинган бола тасвирланган видео тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
Ушбу ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, 2011 йилда туғилган Ш.Ш. Пахтачи тумани «Қалқон-жасорат Ҳарбий спорт мактаби»нинг 6 синфида ўқийди. Ш.Ш.нинг васийлари Ж.С. ва Э.М. лар ушбу мактаб ўқитувчиси Х.Ш.ни чақириб, хулқи оғирлиги туфайли болани вилоятдаги «Вояга етмаганларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази»га олиб боришни сўраган.
Жорий йилнинг 16 март куни ўқитувчининг машинасига боланинг васийси Ж.С. гўёки автомашинадан тушиб қочиб кетмасин, деган важ билан машинанинг орқа ўриндиғида ғайриқонуний тарзда болани оёқларини темир занжир билан боғлаб қўйганлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилиб, 17 март куни ЖКнинг 138-моддаси (Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳозирда иш юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«Ҳозирда вояга етмаган Ш.Ш. га тиббий, психологик ва ижтимоий кўмак кўрсатилиши чоралари кўрилмоқда»,- дейилади хабарда.
Шунингдек, ушбу ҳолатга Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева ҳам ўз муносабатини билдирди.
У ким бўлишидан қатъий назар қонунбузарга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланишини таъкидлади.
"Жамоатчиликни ларзага келтирган бу ҳодиса кўрилаётган чора-тадбирлар болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига барҳам бериш учун ҳали етарли эмаслигини кўрсатиб қўйди. Қолаверса, бу қонунбузарлик барчамиз учун муборак Рамазон ойида содир этилгани кишини баттар қайғуга солади», - дейди Мирзиёева.

658views0replies
0

Комментарии