Ўтган йил давомида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги "Ўқув таълим-таъминот" давлат муассасаси томонидан "Бир миллион дастурчи" лойиҳаси доирасида бюджет ҳисобидан харид қилинган компьютер ва бошқа воситаларнинг тавсия этилган техник топшириқларга мувофиқлиги, тежамкорлиги ва самарадорлиги Фарғона, Наманган, Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида ўрганилди.
Етказиб берилган компьютерларнинг техник хусусиятлари ўрганилганида шартномада кўрсатилган талаблар тўлиқ бажарилмаганлиги аниқланди, дея хабар бермоқда Антикоррупция агентлиги.
Мазкур ҳолат юзасидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Тошкент шаҳар бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, "Ўқув таълим-таъминот" DM va "Smart Sales Leader" МЧЖ ўртасида тузилган шартномага асосан, жамият томонидан етказиб берилиши лозим бўлган қўшимча электрон воситалар етказиб берилмасдан, жами 919 млн 360 минг сўм миқдордаги бюджет маблағлари ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинганлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан Департаментнинг Тошкент шаҳар бўлими томонидан "Ўқув таълим-таъминот" DM va "Smart Sales Leader" МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми "а" банди ҳамда 205-моддаси 2-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.