Миллий гвардия хабарига кўра, жорий йилнинг 1 март куни соат тахминан 13:00 ларда Тошкент вилояти Зангиота тумани “Боғишамол” МФЙдаги 4-сонли умумий ўрта таълим мактабида хизмат вазифасини бажараётган Миллий гвардия ходими юқори синф ўқувчиларининг мактабни орқа тараф ҳовлисида ўзаро жанжаллашаётганини кўриб қолиб, ҳолатни бартараф этишга киришади.
Шу вақтда профилактика инспектори ҳам етиб келиб, Миллий гвардия ходими билан биргаликда ўқувчиларни тинчлантиришга киришишида, ушбу мактабнинг 10-синф ўқувчиси М.Б.нинг чақируви билан ташқаридан етиб келган акаси ҳамда унинг иккита шериклари эса ходимларнинг огоҳлантиришига қарамасдан жанжалга аралашиб кетишади. Тарафларнинг хатти-ҳаракатларини ва қаршиликларини тўхтатиш чорасини кўрган Миллий гвардия ходимига шу жойда тан жароҳати етказилади.
Мактабдаги ташвиш тугмаси орқали чақирилган ҳамда тезкорлик билан етиб келган Қўриқлаш хизмати тезкор ҳаракатланувчи гуруҳи томонидан ҳолат тўлиқ бартараф этилган ҳолда Миллий гвардия ходимининг хизмат вазифасини бажаришига қаршилик қилганлар қўлга олиниб, туман ички ишлар бўлимига топширилган.
Дастлабки суриштирув ишлари давомида ташқаридан мактаб ҳудудига кириб, жанжалга аралашган ва ходимларга фаол қаршилик кўрсатган фуқаро ушбу мактабнинг 10-синф ўқувчиси М.Б.нинг акаси Тошкент вилояти Зангиота туманида истиқомат қилувчи 20 ёшли И.Боқиев эканлиги маълум бўлган.
Мазкур ҳолат бўйича Зангиота тумани прокуратураси томонидан ЖКнинг 219-моддаси 2-қисми (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, фуқаро И.Боқиев ЖПКнинг 221-моддаси асосида ушланиб, унга нисбатан эҳтиёт чорасини танлаш ҳақидаги масала ҳал қилинмоқда.
Шунингдек, ушбу ҳолат юзасидан жиноятга алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш борасида ҳам тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.