Шавкат Мирзиёев “Баъзи қонун ҳужжатларига дарахтлар ва буталарни ноқонуний кесиб ташлаганлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.
Ҳужжатда МЖтК 79-моддасига (дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш) ўзгартириш киритилган.
Эндиликда мазкур ҳуқуқбузарликларни содир этган фуқароларга БҲМнинг 25 бараваридан 50 бараваригача – 8,5 млн сўмдан 17 млн сўмгача (илгари 5 бараваридан 10 бараваргача), мансабдор шахсларга БҲМнинг 50 бараваридан 70 бараваригача — 17 миллион сўмдан 23,8 миллион сўмгача жарима солинади (илгари 10 дан 15 БҲМ гача бўлган).
Агар ҳуқуқбузарликлар бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, фуқаролар учун жарима БҲМ 50 дан 70 бараваргача – 17 млн сўмдан 23,8 млн сўмгача (илгари 10 дан 20 бараваргача), мансабдор шахслар учун 75 БҲМдан 100 БҲМгача (илгари 20 дан 30 гача) – 25,5 миллион сўмдан 34 млн сўмгача жарима жазоси белгиланади.
Қимматбаҳо дарахт турларини кесиш, илдизи билан кесиш, шикастланиш ёки йўқ қилишга олиб келадиган лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиққанлик учун ҳам 50 БҲМдан 75 БҲМгача (17 миллион сўмдан 25,5 миллион сўмгача) жарима жорий этилмоқда.
Шунингдек, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун 49-1-модда билан тўлдирилди. Бунда давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини қонунга хилоф равишда кесган ёки йўқ қилган шахсларнинг қонунга хилоф равишда кесилган дарахт ва бута ўрнига компенсациявий дарахт ва бута кўчатларини айнан дарахт ва бута кесилган жойга экиш ҳамда уларни уч йил давомида парвариш қилиш мажбурияти белгиланмоқда.
Давлат ўрмон фондига киритилмаган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо турларини ноқонуний кесганлик ва йўқ қилганлик учун юридик шахсларга БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.