Суриядаги террорчилар сафида жанг қилиб, жиддий жароҳат олган Жиззахлик йигит қўлга олиниб, Ўзбекистонга олиб келинди. Бу ҳақда ДХХ хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, 2000 йилда Жиззах вилоятида туғилган йигит интернет тармоғи орқали Суриядаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” террористик ташкилоти аъзоси билан танишиб, уларнинг сафига бориб қўшилишни мақсад қилади.
Сўнгра, виртуал танишининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг эътиборига тушмаслик бўйича берган кўрсатмалари асосида 2023 йилнинг июнь ойида авиачиптани айнан учиб кетиш куни қиммат нархда бўлишига қарамай, сотиб олиб, Истанбул шаҳрига жўнаб кетади.
Туркия орқали Сурияга ўтган жиззахлик йигит “Тавҳид ва жиҳод катибаси” террористик ташкилоти аъзолари сафида ғоявий ҳамда ҳарбий тайёргарликдан ўтади.
Aммо, Сурия ҳукумати кучлари томонидан амалга оширилган ҳарбий амалиётлар натижасида жиддий жароҳат олади. Соғлиги тикланганидан кейин, у террористик ташкилотнинг хўжалик ишларига жалб етилади.
2023 йилнинг декабрь ойида даволаниш учун яширин йўллар билан Суриядан қўшни давлатга ўтган вақтида қўлга олингач, Ўзбекистонга олиб келинди.
“Сурияга келишингни ҳеч кимга айтма дейишди. Биринчи Туркияга чипта ол, чиптани олдиндан олиб қўйма, самолёт учиш вақтига олсанг, улар сени қаерга кетаётганингни билишмайди, деб ўргатишди.
Мен Сурияда ҳаёт яхши, исломий ҳаёт қуриляпти, деб ўйлагандим. У ерга боргандан кейин ён-атроф бомбалар билан портлаганини кўриб, фикрим ўзгариб кетди. 35-40 кун атрофида шифохонада ётдим, сабаби жиддий жароҳат олган эдим. У ерда овқат берилмайди. 15-20 кун атрофида овқат емадим. Ётган жойимда бўлса ҳам, улар келиб дарс ўтишди”, - дейди у.