Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилояти Отбозор турмасида маҳбусларга нисбатан қийноқлар бўлаётгани мазмунидаги хабарлар тарқалди. Унда турмада маҳкумларнинг сочлари тақир калга олиниши, уларга «тефал» ва нос киритилмаслиги, кўникма марказлари ва тинтувга оид норозиликлар билдирилган.
Ушбу мурожаат Омбудсман назоратига олиниб, унинг вилоятдаги минтақавий вакили томонидан жойига бориб ўрганилган.
Мониторинг давомида, ҳибсхонада сақланаётган маҳбуслар билан учрашилиб, хабарда келтирилган ҳолатлар юзасидан сўралганда, улар қайнатилган сув сўралган заҳотиёқ берилаётганлиги, сочлари эса фақат машинкада енгиллаштирилган ҳолда олиниши, ҳар ҳафта ювинишга етарли вақт берилаётганлиги, посилка ва бандероллар ҳамда йўқловлар орқали тамаки маҳсулотлари олаётганликларини билдиришди.
Маҳбуслар билан суҳбат давомида Омбудсман минтақавий вакилига қийноқ ҳолати бўйича мурожаатлар келиб тушмади.
Таъкидланишича, «нос» тамаки маҳсулоти расмий рўйхатдан ўтказилмаганлиги, маҳсулот нимадан иборатлиги номаълум бўлганлиги сабабли, «нос» тамаки маҳсулотлари тергов ҳибсхонада сақланаётган шахсларга берилишига ҳибсхона раҳбарияти томонидан чеклов қўйилгани аниқланган.
"Тергов ҳибсхонасига олиб келинган шахсларни 10 кун давомида кўникма марказига жойлаштириш ҳолатига аниқлик киритиш бўйича ИИВга Омбудсман назорат хати киритилди",- дейилади хабарда.