Жорий йилнинг 15 февраль куни Бухоро халқаро аэропортида қадимий тангани олиб Истанбул шаҳрига учиб кетишга уринган Ўзбекистон фуқароси тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Дастлабки маълумотларга кўра йўловчининг қўл юклари божхона ходимлари томонидан холислар иштирокида текширилганда "40 пора" қийматдаги қизил металлдан зарб қилинган танга борлиги аниқланиб, ушлаб қолинган.
Бухоро вилоят Маданий мерос бошқармаси бадиий экспертиза бўлими ходимлари томонидан танга бадиий экспертизадан ўтказилди.
Аниқланишича, "40 пора" қийматдаги қизил мисдан зарб қилинган танга Усмонийлар сулоласи султони Султон Абдулмажид II ҳукмронлиги даврига тегишли танга бўлиб, 1839 йилда Константинополда зарб қилинган.
Танганинг олд томонида танга зарб қилинган сана ҳамда "Маҳмудхон бин Абдулҳамид Музаффарнинг ғалабаси шарафли бўлсин" ёзуви туширилган.
Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 23 мартдаги "Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида"ги низомига кўра тангани Бухоро давлат-музейи қўриқхонасига топшириш тавсия этилди.