Поиск
RUUZ

Общество

«Агар машина ҳайдамасам, касал бўлиб қолишимга ишончим комил» – Ўзбекистонда аёл-таксичилар қандай ишлайди

Одатда кўпчилик такси чақирганда рулда эркак киши бўлишига шубҳа қилмайди. Лекин сўнгги йилларда ушбу соҳада аёлларнинг ўрни ҳақидаги анъанавий тасаввурларни ўзгартириб, аёл-таксичиларнинг кўпайиши ҳолати кузатилмоқда. Улар нега айнан шу касбни танлагани ва стереотиплар билан қандай курашаётганлари ҳақида айтиб берамиз.

168views0replies
0

Абдулҳақ Турғунов / UzNews.uz

23 ёшли Наталья Самкова болалигидан машина ҳайдашга қизиққан ва тезроқ машина сотиб олишни орзу қилган. У 20 ёшга тўлганида бобоси унга янги Spark совға қилган.

«Мен ўша вақтдаёқ ишдан бўш вақтимда таксичилик қилишни режалаштирганман. Ҳозир эрталаб ва кечки вақт кунига 4-5 соатдан ишлайман», – дейди Наталья.

Унинг сўзларига кўра, мижозлар рулда аёл кишини кўриб, унча ҳайрон бўлишмайди, автомобиль салонининг тозалиги ва ҳиди бўйича яхши гаплар айтишади. Аёлларга улар хизматни аёл-ҳайдовчидан олишаётгани ёқади.
«Биз аёллар билан кўпинча гўзаллик ва мода, ҳаёт ва қизиқишлар ҳақида гаплашамиз. Уларнинг айтишича, аёл-таксичи – психолог, йўлдаги мулоқот эса – терапия.
Менга ишим жуда ёқади, чунки ҳар куни турли одамлар билан учрашаман. Эрталаб, машинага ўтирганимда куним қандай бўлишини билмайман», – дейди у.
Натальянинг айтишича, ушбу касбнинг бошқа томони ҳам бор. Ҳаракат вақтида айрим йўловчилар унга ишонишмайди ва ўзларини ҳайдаш бўйича худди шахсий инструктордек тутишади.

«Одамлар мендан нега қизлар учун мосроқ иш топмаслигимни сўраган ҳолатлар ҳам бўлган. Афсуски, айрим йўловчилар мен билан кетишни рад қилишган, ҳатто аёллар ҳам. Эсимда, бир аёл мени тўхтатиб, аёл эканлигимни англагач, «А йўқ, кетаверинг!» деган», – дейди Наталья.

Бундай қийинчиликларга беш йил олдин таксичи бўлиб ишлашни бошлаган 35 ёшли Садоқат ҳам учраган. Унинг турмуш ўртоғи касал бўлиб ётиб қолган, болаларни эса едириш ва кийинтириш керак. Унда ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлган ва қандай қилиб пул топишни ўйлаб топган.
«Қайнотамга машинамизда таксичилик қилиб пул топмоқчилигимни айтганимда, у менга қараб қаттиқ кулиб юборган. У вақтда бу тенденция унчалик машҳур эмас эди», – дея қайд этди Садоқат.
Аёлнинг турмуш ўртоғи ва бошқа оила аъзолари ушбу ғояга норозилик билан муносабат билдиришган. Лекин кўп тортишув ва жанжаллардан кейин рози бўлишган.
«Иш яхши бўлган. Эрталабдан кечгача 20 тадан буюртма олар эдим. Бошида навигацияни ўрганиш қийин бўлди, баъзан ўнг ва чапни адаштирар эдим. Ҳозир мен кунига 400 минггача пул ишлаб топишим мумкин», – дейди Садоқат.
Тошкентда таксида ҳаракатланиш арзон бўлиши мумкин, лекин айни талаб ошадиган вақтда аҳоли зич локацияларда ишласангиз, яхшигина пул топиш мумкин.
Ушбу соҳадаги кўпчилик аёлларга бўлгани каби Садоқатга ҳам унинг иши ва профессионаллигига нотўғри фикр билдирадиган йўловчилар учраб туради. У мижозлар томонидан энг кўп бериладиган саволлар ва изоҳларни айтиб берди:
«Кечаси юришга қўрқмайсизми?», «Машинани автотураргоҳга қўйишга ёрдам керакмасми? Бу сиз учун осон бўлмаса керак», «Сиз тиқилинчларни унча яхши билмайсиз, деб ўйлайман», «Тезликни ошира оласизми?», «О, шаҳарни шунчалик яхши билишингиздан ҳайронман», «Яқинларингиз ишингизга қарши эмасми?».
Таксичилар орасида рақобат катталигига қарамасдан, Садоқат айрим ҳолатларни таҳлил қилишни ўрганиб, ҳозирда барқарор даромад олмоқда.
«Энди бошлаётганингизда осон бўлмайди. Бунда офисдаги ишга ўхшаб интизом бўлиши керак. Тайм-менежмент ҳам муҳим, чунки даромад айнан ишланган соатларга боғлиқ», – дейди Садоқат.
Ўз ишига содиқ бўлган Елена Викторовна таксичи бўлиш – айнан унга мос иш эканлигини айтди. У ушбу касбда 31 йилдан бери ишлайди.
«Мен 18 ёшдалигимда холам «шестёрка» ҳайдар эди. Уни ҳашаматли «Жигули» рулида кўриб, машина ҳайдашни жуда истаётганлигимни тушунганман. 19 ёшга тўлганимда эса автомактабга борганман», – дейди Елена Викторовна.
У таксичилик фаолиятининг биринчи уч йилида фақатгина Тошкент вилоятининг турли шаҳарлари бўйлаб юрган, шунингдек, МДҲ давлатларига ҳам чиқиб турган.
«Ўша вақтда ҳатто вилоятларда ҳам аёл-таксичилар бўлган. Сариқ машиналарда Олмалиқдан Тошкентга одам ташиган учтасини эслайман», – дея қўшимча қилди у.
У, шунингдек, олдин аёллар ҳатто маршрут ва Damas автомобилларини ҳайдашганини ҳам айтди.
«Стереотипларсиз иложи йўқ! Бир марта мени бир аёл чақирган. Эрталаб, соат 8:30 – Тошкентда тиқилинч кучаядиган вақт. У ишга кеч қолаётган эди, тиқилинч камайганидан кейин тезроқ юришни талаб қилган. Қоидани бузиб, тезликни ошира олмаслигимни айтганимда, у қўпол равишда «Мана, эркаклар тез кетяпти, ҳеч нарса бўлаётгани йўқ!» деган», – дейди Елена.
Унинг қайд этишича, мижозлар ўзини маданиятсиз тутадиган ва қўпол сўзларни айтадиган вазиятлар кўп. «Улар билан гап талашишга ҳаққимиз йўқ, мижоз доимо ҳақ», – дейди таксичи.
Буларга қарамасдан, мамнун ва миннатдор одамлар ҳам кўп. Айниқса, пойтахт аҳолиси яхши баҳолар қўйиб, ижобий изоҳлар қолдиришади.

«Кўпроқ муаммо бошқа ҳудудлардан келганлар билан чиқади, деб ўйлайман. Улар иловани яхши тушунмайди, харитани созлаш ёки фикр қолдиришни билишмайди. Таксичилик қилиш – бу менинг севимли ишим. Ўзимни машинасиз тасаввур қила олмайман. Агар машина ҳайдамасам, касал бўлим қолишимга ишончим комил», – дейди Елена Викторовна.

28 ёшли Карина ўзининг бошқа иши билан бирга, кунига бир-икки марта таксичилик қилишга чиқади. Унинг айтишича, унга доимо хайрихоҳ йўловчилар учрайди. Кўпчилик аёл-таксичи – бу ноодатий ва ўзгача эканлигини айтиб, ундан завқланади.
Каринанинг фикрига кўра, охирги вақтда жамоат транспортида тегажоғлик ҳолатлари кўп учрамоқда, аёл-ҳайдовчилар эса йўловчиларга бу муаммодан қочиш имконини беради. Бунда энг аввало ҳайдовчи ва мижозга хавфсиз, қулай ва ишончли ҳаракат тақдим этилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда транспорт соҳасида гендер тенглигини тақдим этган ҳолда, аёлларга 14 нафардан ортиқ киши сиғадиган автобусларни бошқаришга рухсат бериш режалаштирилмоқда.
168views0replies
0

Комментарии