Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси «Сариосиё» темир йўл чегара божхона постига қўшни давлатдан Тожикистонга ўтиш учун Ўзбекистонга кириб келган темир йўл поезди таркибидаги вагонлардан бири божхона постида мавжуд бўлган темир йўл вагонларини сканер қилишга мўлжалланган инспекцион кўрик мажмуасидан ўтказилган. Натижада рентген тасвирларида вагон ичида юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган товарлар борлиги маълум бўлган. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси Матбуот хизмати хабар қилди.
Божхона кўригидан ўтказилганда «Чангютгич», “Кир ювиш машинаси” ва “Қуруқ сут” каби товарлар орасида ҳужжатларида кўрсатилмаган, акциз маркалари мавжуд бўлмаган ва божхона назоратидан яширилган 402 000 қути "Esse change” номли сигарет маҳсулотлари борлиги аниқланган. Мазкур сигарет маҳсулотларининг умумий қиймати 10 млрд 50 млн сўмни ташкил қилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.