Олий суд берган маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрида яшовчи тадбиркор Ш.Ш. ҳамда Турин политехника университети талабаси А.Ю. ахборот тизими орқали одамларни “чув” тушириш режасини тузган.
Улар интернет ижтимоий тармоғидан фойдаланиб, Agrobank mobile зарарли иловасини яратади. Мазкур илова орқали фуқароларнинг пластик картасидан эркин фойдаланиш имкониятига эга бўлган. Дастур ёрдамида фуқаро А.Н.нинг пластик картасидаги 47 млн 235 минг сўм миқдоридаги пул маблағини биржада криптовалютага алмаштирган ҳолда мазкур маблағларни яширин равишда талон-торож қилади.
Бундан ташқари, фуқаро О.Ж.нинг картасидаги 45 млн 225 минг сўм сўм миқдоридаги пул маблағларини ҳам криптовалютага алмаштирган ҳолда ўзлаштириб олган.
Фарғона вилояти ИИБ киберхавфсизлик бўлими ходимлари томонидан мазкур ҳолатлар бўйича тезкор техник тадбирлар ўтказилиб, икки фирибгарнинг қилмиши фош бўлган. Судланувчиларга суд ҳукми билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.