Тошкентда танасига скотч ўраб, пиёдалар йўлагидан думалаб ўтмоқчи бўлган йигит ва унинг шерикларига суд жазо тайинланди. Бу ҳақда "БуКун" информацион дастурида маълум қилинди.
Маълум бўлишича, мазкур 20 йигит бошқа шериги билан ўйин ўйнаб, ундан шарт беришни илтимос қилган. Интернетда танилмоқчи бўлган ҳуқуқбузар шартни бажараётган вақтида ЙПХ ходим келиб қолган ва уларни тўхтатиб қолган.
"Мақсад интернетда танилиш эди. "Яшил"да тез ўтиб оламан дегандим. Қилган ишимдан пушаймонман. Бу иш бошқа қайтарилмайди", - дейди ҳуқуқбузар йигит.
"Мен бошидан охиригача видеога олиб турганман. Скочни ўраб ерга ётди, йўлдан ўтаётганда орқасидан ЙПХ ходими келди", - дея ҳолатга изоҳ берди ҳолатни видеога олган йигит.
Шунингдек, ҳуқуқбузар йигитларнинг ота-оналари ҳам узр сўрашди.
ЖИБ Чилонзор тумани суд қарорига кўра, МЖтКнинг 183-моддаси, 194-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилган ва уларнинг ҳар бирига 10 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.