Ўзбекистонда ҳозирга қадар лицензия талаблари ва шартларини қўпол равишда бузганлиги учун 5 та нодавлат олий таълим ташкилотининг тегишли лицензияси бекор қилинган, 1 та НОТТнинг лицензиясини бекор қилиш бўйича суд жараёни давом этмоқда. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар бермоқда.
Қайд этилишича, тегишли президент қарори билан лицензияси бекор қилинган таълим ташкилоти ёки ёпилган таълим дастурида таҳсил олаётган талабаларга ўқишини давлат ва нодавлат таълим ташкилотларининг мос ва турдош таълим йўналишлари ва мутахассисликларига белгиланган тартибда кўчириш ҳуқуқи вазирликка берилган.
Шундан келиб чиқиб, бугунги кунга қадар суд жараёнлари тўлиқ якунланган ва лицензияси бекор қилинган олий таълим ташкилотлари – Valley Innovative University, Урганч шаҳридаги Бинари университетининг барча талабалари тегишли тартибда олий таълим ташкилотларига кўчирилган. Ҳозирда лицензияси бекор қилинган бошқа олий таълим ташкилотларининг талабаларини ўқишини кўчириш ишлари ташкил этилмоқда.
"Вазирлик лицензияси бекор қилинган олий таълим ташкилотларининг бирон-бир талабаси кўчада қолмаслигини маълум қилади. Барча талабаларнинг аризасига асосан ўқиши белгиланган тартибда бошқа олийгоҳларга кўчирилиши таъминланади", - дейилади хабарда.