Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг хабарига кўра, Туризм қўмитаси томонидан Қорақалпоғистондаги туроператорларнинг рекламаси фаолияти юзасидан мурожаат келиб тушган.
Ўрганишлар давомида бугунга қадар мазкур ҳудудда бундай хизматларни кўрсатиш билан боғлиқ туристик фаолиятни амалга ошириш бўйича лицензияга эга туроператорлар мавжуд эмаслиги, улар Тошкент шаҳри ва вилоят туркомпаниялари билан ҳамкорликда зиёратларни ташкил этишда иштирок этаётганлиги маълум бўлган.
Шунингдек, мурожаатда билдирилган “ISKANDER TOURS” ҳамда “OKS TOURS” МЧЖлар лицензияси мавжуд эмаслиги, шунга қарамай, ижтимоий тармоқларда “ Умра” хизматларини кўрсатишга қаратилган ноқонуний рекламалар жойлаштириб бораётганлиги аниқланган.
“Реклама тўғрисида”ги Қонунининг 16-моддасига мувофиқ, ишлаб чиқарилиши ёки реализация қилиниши қонунда тақиқланган товарларни, шунингдек, ишлаб чиқарилиши ва (ёки) реализация қилиниши учун тегишли сертификатлари ва лицензиялари, мажбурий сертификатлаштириш гувоҳномалари ёки махсус рухсатномалари мавжуд бўлмаган товарларни реклама қилишга йўл қўйилмайди деб белгиланган.
Юқоридагиларга кўра, қўмита махсус комиссияси томонидан “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 47- моддаси, Вазирлар Маҳкамасининг 225 – сонли қарори билан тасдиқланган Низомга асосан “ISKANDER TOURS” ҳамда “OKS TOURS” МЧЖларига нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, тегишли тартибда жавобгарлик белгилаш юзасидан қарор қабул қилди.
Эслатиб ўтамиз, Туризм қўмитаси Умра зиёратини ташкил этиш учун лицензия олган сайёҳлик агентликлари рўйхатини эълон қилади. Ташкилотлар рўйхати уларнинг фаолияти бўйича рейтинг тизими шаклида тақдим этилади.