Қашқадарёда “To‘palang HPD Holdin” МЧЖ масъуллари томонидан "Денов-Новқат" каналини реконструкция қилиш жараёнида канал қирғоғига экилган жами 150 та дарахт илдизлари билан қўпорилганлиги аниқланди. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар бермоқда.
Қайд этилишича, “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони талаблари бузилган. Дарахтларни кесиш ёки кўчириб ўтқазиш бўйича амалдаги тартибларга риоя этилмаган ва мурожаат қилинмаган.
Дарахтлар кесилиши натижасида ўсимлик дунёсига 1 млрд 165 млн 350 минг сўм зарар етказилганлиги маълум бўлди. Ҳужжатлар етказилган зарарни ундириш ҳамда айбдорларга қонуний чора кўриш мақсадида Қашқадарё вилояти прокуратурасига юборилди.