Қатор сайт ва телеграм каналларида Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани “Карш” маҳалласидаги мактабга борувчи йўл бўйича видеомурожаат тарқалди. Ҳолатга вилоят ҳокимлиги изоҳ беди.
Қайд этилишича, “Карш” маҳалласи Сариосиё тумани марказидан қарийб 70 км узоқликда, тоғли ҳудудда жойлашган бўлиб, 487 нафар фуқаро 91 та хонадонда истиқомат қилади. Маҳалладаги 80 ўринли мактаб 2018 йилда қурилган ва ҳозирда барча зарур шароитлар билан таъминланган. 2022-2023 йиллар давомида маҳаллага транспорт бориши учун 11 км узунликдаги тоғли ҳудуд орқали янги йўл очилган. Маҳалланинг 5 км ички йўллари тошланиб, таъмирланган. Шунга қарамай видеодаги ички йўлда ноқонуний қурилмалар сабабли таъмирлаш ишлари бажарилмай қолиб кетган.
"Йўллар, маҳаллалардаги инфратузилмани ривожлантириш аввало аҳоли фаровонлигини яхшилаш учун амалга оширилаётган бўлиб, болаларнинг сифатли таълим олиши ҳамда хавфсиз ва қулай йўллардан мактабга боришларини таъминлаш бизнинг вазифамиз. Бироқ, айни ҳозирги кунларда “Карш” маҳалласига борувчи йўл тўлиқ қор билан қопланганлиги сабабли транспортнинг ҳудудга бориш имконияти йўқ", - дейилади хабарда.
Шунингдек, маълум қилинишичa, вилоят ҳокимининг кўрсатмаси билан “Карш” маҳалласидаги мактабга борувчи ички йўлни таъмирлаш бўйича туман ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар томонидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилаётган бўлиб, йўлдаги қор қоплами эригач, таъмирлаш ишлари бошланади.