"Ўзбекнефтгаз" АЖ бошқарув раиси ўринбосари Одил Темировнинг маълум қилишича, 3 йилдан бери АИ-80 бензинидан бутунлай воз кечиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Айни пайтда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида Хитой компанияси билан ҳамкорликда модернизация ишлари олиб борилаётганини таъкидлади.
"Бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, 1 йил ичида АИ-80 бензинидан фойдаланишни тўхтатсак, бу бутун республика бўйлаб атмосферага карбонат ангидрид гази чиқиндиларини 17 минг тоннага камайтиришга олиб келади. Шундай қилиб, бу нафақат ускунанинг ишлаш муддатини узайтиради, балки атроф-муҳитга ҳам ижобий таъсир кўрсатади", — деди Одил Темиров.
Эслатиб ўтамиз, кеча Шавкат Мирзиёев Бош вазир Абдулла Ариповга 2025 йилдан бошлаб АИ-80 бензинидан воз кечиш масаласи устида ишлаш бўйича топшириқ берган эди.
Ушбу чора-тадбирлар атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш зарурати билан боғлиқ.