Поиск
RUUZ

Общество

Ўзбекистонда 250 миллиондан ортиқ дарахтларнинг координаталари аниқланиб, рақамли харитаси яратилди

Мамлакатда ҳар битта дарахт хатловдан ўтказилиб, маълумотлар электрон платформага киритилмоқда. Веб-сайт орқали хатлови натижаларини кузатиб бориш имконияти яратилган.

67views0replies
0

UzNews.uz

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Матбуот хизмати хабарига кўра, 1-босқич доирасида барча вилоятлардаги яшил қоплам майдони аниқланди. Бунда ҳудудлардаги барча дарахтлар ва буталарнинг майдонига, сунъий йўлдошлар орқали олинган фотосуратлардан фойдаланиб, геоахборот тизими орқали ишлов берилди. Бундан ташқари, вазирлик ҳузуридаги Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институти билан бирга сунъий йўлдошдан олинган космик суратлар, масофадан зондлаш, геоахборот тизимлари ҳамда сунъий интеллект технологиялари ёрдамида мамлакатдаги барча дарахтлар хатловдан ўтказилиб, жойлашув координаталари, сони аниқланди ҳамда рақамли харитаси яратилди. Бунда АҚШ, Канада, Хитой, Ҳиндистон, Австралия, Россия, Германия ва Япония каби давлатларнинг тажрибалари ўрганилди.
Дарахтларнинг саноғини амалга оширишда энг камида 5 ёш ва ундан юқори бўлган дарахтлар ҳисобга олинган. Мазкур тадқиқот ишлари Ўзбекистон ҳудудидаги барча вилоятлар ва туманлар кесимида амалга оширилди. Жами 254 миллион 162 минг 505 дона дарахтнинг координаталари аниқланиб, рақамли харитаси яратилди.
"Шу билан бирга, 2-3-босқичларда хатлов ишлари инспекторлар томонидан жойига чиққан ҳолда амалга оширилмоқда. Бунда "Яшил макон" электрон платформаси такомиллаштирилиб, дарахтлар хатлови бўйича дарахатлар реестри тизими жорий этилди. Ушбу тизим орқали махсус планшетлар ёрдамида дарахтларнинг тури, диаметри, ҳолати, координатаси, фотоси, ва масъул ташкилот тўғрисидаги маълумотлар киритилиб борилмоқда. Ҳозирги кунда республика бўйича жами 200 мингдан ортиқ дарахтлар хатловдан ўтказилиб, маълумотлар электрон платформага киритилди", - дейилади хабарда.
Маълумот учун, кунлик дарахтлар хатлови натижаларини yashilmakon.eco веб-сайти орқали кузатиб бориш имконияти яратилган. Бундан ташқари, синов тариқасида Тошкент шаҳридаги дарахтларни рақамлаштириш орқали уларни паспортлаштириш учун 100 та комплект қурилмалар харид қилинмоқда. Дарахтларни паспортлаштириш ишлари натижалари дарахтларга ID рақам бериш орқали "Яшил макон" электрон платформасида акс эттирилади.
67views0replies
0

Комментарии