Жорий йилнинг 26 январь куни соат 12:30 атрофида Марғилон шаҳар, Ватан МФЙда жойлашган кўп қаватли уйнинг бир хонадонида истиқомат қилиб келган, эр-хотин 1967 йилда туғилган Н.М., 1970 йилда туғилган З.М., уларнинг қизи 1994 йилда туғилган Д.И., набиралари 2019 йилда туғилган С.М., 2017 йилда туғилган М.Ж. ва 2021 йилда туғилган М.Ж.лар яшаш хонадонида ис газидан заҳарланиб, вафот этишган. Бу ҳақда UzNews.uz'га Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.
Воқеа жойи кўздан кечирилганда марҳумлар истиқомат қилган хонадон уч хонадан иборат бўлиб, хонадоннинг ёпиқ айвон (балкон) қисмига ўрнатилган, чет элда ишлаб чиқарилган "Vaillant" иситиз қозони (котёл)дан ташқарига чиқарилган мўриси қўлбола, полиэтилендан ишланган бўлиб, мўрини хонадан ташқарига чиқиш қисмидаги бир-бирига киришган жойи қизиш ҳисобига очилиб қолиши натижасида хонага ис гази тўпланиб қолгани маълум бўлди.
Мутахассисларининг хулосасига кўра, кўздан кечиришда иситиш қозони (котёл)дан ностандарт ҳолатда мўри ташқарига чиқарилганлиги ва полиэтилендан ишланган мўри қизиши натижасида киришган жойидан чиқиб кетиши оқибатида, ис гази хонадонга тарқалишига сабаб бўлгани кўрсатилган.
Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотномасига кўра, мархумларнинг ўлими ис газидан ўткир заҳарланиш, ўткир юрак нафас етишмовчилиги оқибатида юзага келганлиги аниқланган.
Ҳозирда терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмокда.