Бугун, 26 январь куни соат 02:20 атрофида Чилонзор тумани Бунёдкор кўчаси Чилонзор буюм бозори қаршисида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ Ахборот хизмати расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, ушбу ЙТҲ 2004 йилда туғилган A.T. бошқарувида бўлган Malibu-2 русумли автомашина ҳамда 1997 йилда туғилган B.B. бошқарувида бўлган Spark русумли автомашинаси иштирокида содир бўлган.
Натижада Spark русумли автомашина ҳайдовчиси олган тан жароҳатлари сабаб воқеа жойида вафот этган. Машина ичида бўлган 1 нафар йўловчи олган тан жароҳати туфайли шифохонага ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жкнинг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов давом этмоқда.