Халқ уйидаги учрашувда кўп қиррали амалий ҳамкорликни, биринчи навбатда, савдо-иқтисодий соҳада янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Матбуот хизмати хабар берди.
Ўтган йили товар айирбошлаш ҳажми 50 фоизга ўсиб, 14 миллиард долларга етгани таъкидланди. Бу кўрсаткични, шу жумладан юқори сифатли саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кўпайтириш ҳисобига 20 миллиард долларга етказиш учун салоҳият мавжудлиги айтилди. Хитойнинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган сармояларининг умумий ҳажми 14 миллиард доллардан ошди.
Шунингдек, инфратузилмани модернизация қилиш, саноат кооперациясини кенгайтириш, қишлоқ хўжалигида технологиялар трансфери ва "яшил" энергетикани ривожлантириш бўйича алоҳида ҳамкорлик дастурларини тайёрлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, Хитойнинг етакчи банк-молия институтлари билан амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш, шунингдек, Хитой компанияларининг Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнларида иштирок этиш истиқболлари кўриб чиқилди. Томонлар ҳаво қатнови ва сайёҳлик алмашинувини янада кенгайтириш тарафдори бўлишди.
Якунда Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазирини Ўзбекистонга ташриф буюришни таклиф қилди.