Ўзбекистон халқ артисти, актёр ва режиссёр Турғун Азизов 90 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Киноарбоблар ижодий уюшмаси Матбуот хизмати хабар берди.
Турғун Азизов 1934 йил 30 ноябрда Тошкент шаҳрида туғилган. 1956 йилда собиқ Ўзбекистон Давлат театр ва рассомчилик институтини тамомлаб, Миллий академик драма театрига ишга қабул қилинган.
Турғун Азизов сермаҳсул ижоди давомида “Мафтунингман”, “Одамлар орасида ёлғиз”, “Ҳаёт тунда ўтиб кетди”, “Оловли йўллар”, “Қабрдан қайтган умр”, “Нодирабегим” каби кўплаб фильмларда роллар ижро этиб, томошабин қалбидан жой олди. Театр саҳнасида эса жуда кўплаб классик ва шоҳ асарларда бош қаҳрамонларни гавдалантириш билан бир қаторда 15 дан ортиқ спектаклларни режиссёр сифатида саҳнага қўйди. Шунингдек, устоз санъаткор ўзининг педагоглик фаолиятида жуда кўплаб маҳорат соҳибларини тарбиялаб, катта саҳнага олиб чиқди.