“Юксалиш” ҳаракати эколог мутахассислар ўртасида сўров ўтказиб, ҳаво сифати даражасини яхшилаш бўйича 10 та бирламчи чора-тадбирлар таклифларини ишлаб чиқди. Бу ҳақда ҳаракат Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, cўровда 34 нафар мутахассис, шу жумладан тегишли вазирлик ва қўмиталар, тадқиқотчилар, маҳаллий эко фаоллар ва журналистлар иштирок этди.
Респондентларнинг аксарияти (80,7 фоиз), биринчи галда, чанг кўтарилишини камайтириш учун барча очиқ майдонларга дарахтлар ва кўп йиллик ўтларни экиш орқали “яшил белбоғ” яратиш керак, деб ҳисоблайди. Бунга қўшимча сифатида экилган дарахтларни доимий парваришлаш, мониторинг қилиш, кесиш ҳолатларига жазони кучайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Сўралган экологларнинг 74,4 фоизи шаҳарсозлик Бош режалари тасдиқланмагунча янги, айниқса, кўп қаватли ва нотурар бинолар қурилишига мораторий жорий этиш, қурилишларга фақат “яшил” стандартлар доирасида рухсат бериш зарур, деб ҳисоблайди.
Респондентларнинг 70,1 фоизи ҳавони ифлослантирувчи омиллар ҳақида аниқ тушунча ва маълумотларга эга бўлиш учун махсус ускуналар орқали ифлослантирувчи манбаларни (корхона, завод, иссиқхона ва ҳк.) мониторинг қилиш керак, деган фикрда. Бунда масъул идоралар ва ННТлар вакилалларидан иборат тезкор мониторинг гуруҳини тузиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланган.
Мониторингда асосий урғу қуйидагиларга қаратилиши тавсия этилади:
— ифлосланиш даражаси, сабаблари ва таркибини ўрганиш, уни бартараф этиш чораларини ишлаб чиқиш;
— натижаларини ОАВда эълон қилиб бориш;
— ҳавони ифлослантиришга сабаб бўлган корхоналарга ижобий хулосалар ёки фаолият юритиш учун рухсатномалар берган шахсларни жавобгарликка тортиш;
— қоидабузарларга жарима ва жазо чораларини қўллаш;
— ҳаво сифатини яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш.
— натижаларини ОАВда эълон қилиб бориш;
— ҳавони ифлослантиришга сабаб бўлган корхоналарга ижобий хулосалар ёки фаолият юритиш учун рухсатномалар берган шахсларни жавобгарликка тортиш;
— қоидабузарларга жарима ва жазо чораларини қўллаш;
— ҳаво сифатини яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш.
Қайд этилишича, экспертлар барча транспорт воситаларини, жумладан, трактор ва техникаларни режадан ташқари техник кўрикдан ўтказиш таклифини қўллаб-қувватлаган (53 фоиз).
Мутахассислар, шунингдек, ижтимоий-аҳамиятли объектларда (мактаб, боғча, шифохона ва ҳк.) ҳавони тозаловчи тизимларни ўрнатишни (50,6 фоиз) ҳамда иш берувчиларга бино ва офислар ичкарисида ҳавони тозалаш бўйича тезкор чоралар кўришни ҳам тавсия этган (42,1 фоиз).
Респондентларга кўра, вақтинчалик чора сифатида намликни ошириш учун ерости сувларидан фойдаланган ҳолда фавворалар сонини кўпайтириш зарур (25 фоиз). Айримларининг фикрича, мўътадил микроиқлимни таъминлаш ва ҳаво сифатига ижобий таъсир кўрсатиш учун сунъий сув ҳавзаларини яратиш ҳам самарали чоралардан бири.
Сўровда қатнашган экспертларнинг 19,3 фоизи ифлосланиш даражаси юқори бўлган кунларда аҳоли орасида тиббий ниқоб тақиш зарурлиги тўғрисида тушунтириш ишларини олиб бориш керак, деб ҳисоблайди.