Хоразм вилояти Шовот туманида дарахтлар аёвсиз ёқиб юборилгани айтилган хабар ижтимоий тармоқларга сиздирилди. Ушбу ҳолат юзасидан Хоразм вилояти Экология бошқармаси изоҳ берди.
Унга кўра, вилоят прокуратураси, вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси Шовот туман инспекцияси томонидан ўрганиш ишлари бошланган.
Мазкур ўрганиш давомида туманнинг "Гулистон" маҳалласи жойлашган А.Л. фермер хўжалиги ҳудудида жами 119 туп ҳар-хил турдаги ва ўлчамдаги манзарали дарахтлар кесиб олинганлиги ҳамда 19 туп ҳар-хил турдаги манзарали дарахтларни ўсишдан тўхтамайдиган ва тўхташ даражасида шикастланганлиги ҳамда ёқиб юборилганлик ҳолати аниқланди.
Табиатга етказилган зарар 456 миллион 020 минг сўмни, етказилган зарарнинг ундириш суммаси 756 миллион 200 минг сўмни ташкил қилади.
Ҳолат юзасидан ЖКнинг 198-моддаси 3-қисми (экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди.