Аввалроқ, ижтимоий тармоқда ИИО ходимлари ва ўнгилочар маскан раҳбари ўртасида жанжал юзага келгани акс этган видео тарқалди. Фарғона вилояти ИИБ ҳолат юзасидан маълумот берди.
Маълум бўлишича, фуқароларнинг ИИОга шикояти асосида профилактика инспектори тунги соат 23:50 да шаҳардаги "Машъал" МФЙдаги кўп қаватли уйнинг ертўласида жойлашган "РИЧ" кўнгилочар маскан (караоке бар)га келиб, тунги вақтда фуқароларнинг тинчини бузиб, баланд овозда қўшиқ куйлаётган ва компьютер ўйнаётган мижозларни тарқатмоқчи бўлган.
Аммо, ушбу маскан раҳбари 1995 йилда туғилган А.Х. ИИО ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмай, жамиятда юриш туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, фаол қаршилик кўрсатган.
"Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 октябрдаги 648-сон Қарори 11-бандида, кўп квартирали уйнинг ертўласида жойлашган корхоналар, ресторанлар, кафелар, барлар ҳамда кўнгилочар масканларнинг соат 23:00 дан кейинги фаолиятига йўл қўйилмаслиги кўрсатиб ўтилган.
Мазкур ҳолат юзасидан А.Х.га нисбатан МЖтКнинг 183-моддаси, 194-моддалари билан ҳужжатлар расмийлаштирилиб қонуний қарор қабул қилиш учун ЖИБ Фарғона шаҳар судига юборилди. Натижаси бўйича қўшимча маълумот берилади", - дейилади хабарда.