Ўзбекистон ТИВ Тайванда бўлиб ўтган сайловлар билан боғлиқ вазиятни диққат билан кузатиб бораётганини маълум қилди.
Унга кўра, Ўзбекистон "Ягона Хитой" тамойилини қатъий қўллаб-қувватлашини ва Хитой Халқ Республикаси ҳукумати Хитойнинг ягона қонуний ҳукумати, Тайван эса Хитой ҳудудининг ажралмас қисми эканлигини маълум қилди.
"Ўзбекистон икки соҳил ўртасидаги муносабатларнинг тинч йўл билан ривожланишининг қатъий тарафдори ҳамда ХХР ҳукуматининг Хитойни бирлаштириш йўлидаги барча саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди", - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 13 январ куни Тайванда президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Унда Тайваннинг амалдаги вице-президенти, ҳукмрон Демократик прогрессив партия етакчиси, суверенитетни ҳимоя қилувчи ва ХХРнинг ҳудудий даъволарини рад этувчи Лай Циндэ ғалаба қозонди.
Сиёсатчи Пекин билан ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори бўлган мухолифатдаги Гоминдан партиясидан ўзининг асосий рақиби Хоу Ю-ини ортда қолдириб, 40 фоиздан кўпроқ овоз тўплади.
Аввалроқ Хитой расмийлари одамларни сайловда ғалаба қозонган Лай Циндэга овоз бермасликка чақирган ва уни сепаратизмда айблаган эди.