Ҳукумат қарори билан Олий таълим муассасалари талабалари учун иқтисодиёт тармоқлари корхоналарида пуллик амалий машғулотларни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги.
Ҳужжатга мувофиқ, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан йилига камида бир марта талабалар ўртасида пуллик амалий машғулотларни ташкил этиш бўйича танлов ўтказилади. Шу билан бирга, амалиёт ўташ учун 500 та ўрин ажратилади (Тошкент шаҳри учун – 45 та, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар учун – 35 та).
Танловда иштирок этиш учун талаба аризани шахсан ўзи, почта орқали ёки электрон шаклда ўзи ўқиётган олий таълим ташкилотига топшириши керак.
Шунингдек, танловда иштирок этиш учун:
— битирувчи босқичда таҳсил олаётган бўлиши керак;
— талаба Ўзбекистон резиденти бўлиши керак;
— таълим йўналиши (мутахассислиги) тармоқ корхонасидаги фаолият йўналишига мос келиши керак.
— талаба Ўзбекистон резиденти бўлиши керак;
— таълим йўналиши (мутахассислиги) тармоқ корхонасидаги фаолият йўналишига мос келиши керак.
Сўнгра 5 иш куни ичида олий ўқув юртлари махсус комиссияга мурожаат қилган талабаларга оид маълумотларни тақдим этади.
Комиссия ушбу ҳужжатларни улар олинган кундан бошлаб 5 иш куни ичида кўриб чиқади ва талабанинг танловда иштирок этиши ёки қатнашишдан бош тортиши тўғрисида қарор қабул қилади.
Шунингдек, махсус комиссия талабалар амалиётини ташкил этиш бўйича иш режасини (тақдимот шаклида) ҳимоя қилади.
Якуний қарор 20 кун ичида қабул қилинади. Якуний қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб, танлов натижалари тўғрисидаги маълумотлар 10 иш куни ичида вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
Амалиёт ўқув режасида белгиланган муддатда, 1 ойдан 3 ойгача ўтказилади. Талабанинг амалиёт ўташи учун синов муддати йўқ.
Ғолиб бўлган талабаларнинг амалиёт харажатлари якуний қарор қабул қилингандан кейин 15 кун ичида махсус комиссия томонидан қопланади.
Бунда талабага 2 БҲМнинг баравари миқдорида иш ҳақи (680 минг сўм) ва унга ҳисобланган ижтимоий солиқ тегишли ҳисобрақамига ўтказилади.
Қайд этилишича, ушбу қоида олий таълимнинг ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган ташкилотларига тааллуқли эмас.