Ўзбекистон футбол ассоциацияси Этика қўмитасида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишда ЎФАнинг футбол фаолиятини назорат қилиш бўйича махсус инспекцияси томонидан тақдим этилган ЎзФҲМ ҳакамлари Хусан Музаффаров, Обид Жумаев ва Жасур Рустамов ҳамда "Қўқон-1912" футбол клуби спорт директори Шуҳрат Мўминовнинг келишилган ўйинларда иштирок этганлиги тўғрисидаги иш кўриб чиқилди.
Аниқланишича, 2023 йил 22 март куни Пролига доирасида бўлиб ўтган "Қўқон-1912" – "Машъал" футбол клублари ўртасидаги учрашувдан олдин "Қўқон-1912" футбол клуби вакили Шуҳрат Мўминов Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази ҳаками Хусан Музаффаровга "Қўқон-1912" футбол клуби фойдасига ҳакамлик қилишини сўраб мурожаат қилган ҳамда эвазига пул маблағи таклиф қилган. Хусан Музаффаров ушбу таклифга рози бўлган ва ўйин "Қўқон-1912" футбол клуби фойдасига якунланган.
Шунингдек, 2023 йил 18 июнь санасида Пролига доирасида бўлиб ўтган "Орол" – "Қўқон-1912" жамоалари ўртасидаги учрашув олдидан "Қўқон-1912" клуби вакили Шуҳрат Мўминов ўйин ҳакамлари Хусан Музаффаров, Обид Жумаев ва Жасур Рустамовларга учрашувни "Қўқон-1912" фойдасига ҳал бўлиши учун моддий манфаат таклиф этган. Хусан Музаффаров келишилган пулларни ёрдамчи ҳакамлар Обид Жумаев ва Жасур Рустамовлар билан ўзаро бўлишиб олган. Бу ғақда ЎФА Матбуот хизмати хабар берди.
ЎФА Этика қўмитаси мазкур ҳолатлар юзасидан Хусан Музаффаров, Обид Жумаев ва Жасур Рустамовни ЎФА Интизом кодексининг тегишли бандларини бузган деб топди. Уларга нисбатан футбол билан боғлиқ фаолиятнинг барча туридан умрбод четлатиш ҳамда жарима интизомий жазо чоралари қўлланилди.
Шунингдек, "Қўқон-1912" футбол клуби спорт директори Шуҳрат Мўминов ЎФА Интизом кодексининг тегишли бандларига асосан айбдор деб топилиб, унга нисбатан футбол билан боғлиқ фаолиятнинг барча туридан умрбод четлатиш жазоси тайинланди.