Ўзгидромет хабарига кўра, бугун, 29 декабрь куни республика ҳудудига совуқ ва нам ҳаво кириб келмоқда. Эрталаб республика бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғиши, тоғларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бошланди.
Кун давомида ҳаво ҳарорати аста-секин пасаяди, куннинг иккинчи ярмида эса 0…+5 даража илиққача пасаяди. Ёмғир ёғиши давом этади ва республика бўйича баъзи жойларда ёмғир қорга айланади. Тоғли ҳудудларда баъзи жойларда ёғингарчилик кучли бўлади.
Эртага 30 декабрь куни Ўзбекистон ҳудуди бўйича нисбатан совуқ об-ҳаво бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Фақат республиканинг тоғли ҳудудларида баъзи жойларда бироз қор ёғиши мумкин. Ҳарорат кечаси 0…-5 даража совуққача, шимолда -6...-9 даража совуққача пасаяди, кундузи +2…+7 даража илиқ атрофида бўлади.
31 декабрь ва 1 январь кунлари республиканинг барча ҳудудларида ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда.
Кечалари совуқ сақланиб туради, кундуз кунлари эса ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилади ва 1 январга келиб +10…+13 даража илиққа етади.
Қуруқ об-ҳаво 2 январда ҳам сақланиб туради, лекин бироз совуқ ҳаво кириб келиши ҳисобига кундузги ҳарорат +6...+9 даража илиққача пасаяди. Республика бўйича баъзи жойларга туман тушиши кутилмоқда.
Пойтахтда 29 декабрь куни ёмғир ёғади, қорга айланади. Шамол ғарбдан 3-8 м/с тезликда эсади, вақти-вақти билан 12-15 м/с гача кучаяди. Куннинг иккинчи ярмида ҳарорат 0...+2 даража илиққача пасаяди.
30-31 декабрь ва 1-2 январь кунлари ёғингарчилик кутилмайди. Кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин.
Ҳарорат 30 декабрда кечаси -1…-3 даража совуқ, кундузи +4…+6 даража илиқ, 31 декабрь ва 1-2 январда кечалари -3 даража совуқ, +2 даража илиқ бўлади. 31 декабрь ва 1 январда кундуз кунлари +11…+13 даража илиққача аста-секин кўтарилади, 2 январда +7 даража илиқ бўлади.