Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 декабрь куни мамлакатнинг олтита ҳудудида 5 та қуёш ва 1 та шамол электр станцияларини ишга тушириш ва тармоққа улашга бағишланган тантанали маросимда иштирок этди. Бу ҳақда президент Матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирда ушбу муҳим инвестиция лойиҳаларнинг ҳамкорлари бўлган “Masdar” компанияси бош ижрочи директори Муҳаммад Жамол Ал-Рамаҳий, “China Energy Engineering Corporation” компанияси вице-президенти Ву Юнь, “China Energy International Group” компанияси бошқаруви раиси Лю Цзэсян, “China Gezhouba Group” компанияси бошқаруви раиси Линь Сяодан, “SEPCO III”, “Dongfang Electric Corporation” ва бошқа компаниялар раҳбарлари иштирок этди.
Давлат раҳбари таъкидлашича, илк бор 100 фоиз тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан, давлат-хусусий шериклик асосида Кармана ва Нуробод туманларида умумий қуввати 200 мегаваттлик қуёш станциялари барпо этилиб, ўтган даврда улар 1 миллиард киловатт соат “яшил” электр энергиясини ишлаб чиқарди.
Маросимда давлат раҳбари хорижий ҳамкорлар билан биргаликда янги энергетика қувватларини ишга тушириш ва тармоққа улашга старт берди. Бу лойиҳаларга катта амалий ҳисса қўшган инвесторлар, муҳандис ва қурувчиларга алоҳида миннатдорлик билдирилди.
Жами қиймати 2 миллиард долларлик ушбу станциялар тўлиқ ишга тушса, икки миллионта хонадон узлуксиз электр энергияси билан таъминланади, 2 миллиард куб метр табиий газни тежаш ҳамда саноат ва хизматлар соҳасида 4 миллиард долларлик қўшилган қиймат яратиш имконияти пайдо бўлади.
"Биз бугун амалга ошираётган улкан ишлар энергетика тармоғидаги ислоҳотларнинг навбатдаги қадамидир. Бу чора-тадбирларни тизимли давом эттириб, рақобатли бозор механизмларига босқичма-босқич ўтамиз. Ҳозир юртимизда 9 гигаваттли 22 та қуёш ва шамол электр станциясини қуриш лойиҳалари устида ишлаяпмиз. Хорижий компаниялар билан сермаҳсул ҳамкорлигимизни тобора кенгайтириб борамиз", – деди Шавкат Мирзиёев.
Умуман, 2030 йилгача “яшил” энергетика манбаларини 27 гигаваттга етказиш режалаштирилган. Бу ҳар йили 25 миллиард куб метр табиий газни иқтисод қилиш, атмосферага зарарли ташланмаларни 34 миллион тоннага қисқартиришга хизмат қилади.