Бош прокуратуранинг UzNews.uz'га хабар беришича, ҳодиса 2023 йилнинг 25 декабрь куни соат 14:40 лар атрофида 11-сон ЖИЭК турма участкасида содир бўлган.
Шу ерда жазо муддатини ўтаётган маҳкум сақлаш камерасида чойшабдан сиртмоқ ясаган ва камера деразасига ўрнатилган темир панжарага ушбу сиртмоқни боғлаб, бўйин қисмидан ўзини осган.
У биринчи тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамасдан вафот этган.
Омбудсман берган хабарга кўра, 24 ёшли маҳкум Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани судининг 2021 йил 10 ноябрдаги ҳукми билан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) ва 60-моддаси (бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш) билан 14 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган.
Марҳумнинг оила аъзолари унинг жазо муддатини ўташи давомида қисқа ва узоқ муддатли учрашувга келишмагани, фақатгина маҳкум Ф.Қ. улар билан 6 маротаба телефон орқали суҳбатлашгани аниқланди.
Шунингдек, марҳумнинг ноодатий хатти-ҳаракатлари сабабли муассасадаги бошқа маҳкумлар у билан бир камерада ўтиришни истамаганлиги сабабли маҳкум Ф.Қ. 2023 йил 24 декабрь кунидан буён алоҳида сақланган. Маҳкум жазо муддатини ўташи давомида бир неча маротаба психиатрия бўлимига бориб даволаниб келганлиги аниқланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан махсус прокуратура томонидан суриштирув ишлари олиб бормоқда.