ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилган. Натижада Тошкент шаҳри, Андижон ва Наманган вилоятларидаги йирик савдогар ва тадбиркорларнинг жуда кўп миқдордаги хорижий валюталарини айланма йўллар орқали Қирғиз Республикасига ўтказиш билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.
Хусусан, Андижон шаҳрида яшовчи 2 нафар шахс жорий йилнинг май ойида Тошкент шаҳрида жуда кўп миқдордаги чет эл валюталарини қабул қилиб олиб, уларни жиноий шерикларига етказиш учун Фарғона вилояти томон йўл олишади.
Фарғона вилоятининг Ёзёвон тумани ҳудудида улар ушбу хорижий валюталарни Қирғиз Республикасига божхона назоратини четлаб, ўтказиши керак бўлган, Қувасой шаҳрида яшовчи фуқаро билан учрашган вақтида қўлга олинган.
Улар ҳаракатланиб келган Spark русумли автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, автомашина салонида 4 дона қора рангли полиэтилен пакетларга ўралиб, скотч билан маҳкамланган жами 590 945 АҚШ доллари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, жиноий гуруҳ етакчиси бўлган Қувасой шаҳрида яшовчи шахс ҳам қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан мазкур фуқароларга нисбатан ЖКнинг 25,182-моддасининг 2-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди.
Натижада, ЖИБ Наманган туман суди томонидан ушбу шахсларнинг 2 нафарига нисбатан 5 йил, қолган 2 нафарига нисбатан эса 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Шунингдек, ашёвий далил сифатида олинган 590 945 АҚШ доллари ва Spark русумли автомашина давлат эгалигига ўтказилган.