Олмаотада автобус 7-сонли шаҳар шифохонаси ҳудудида тўпланиб турган одамларга бориб урилган. Бу ҳақда Kazpress.kz хабар қилди.
Олмаота полиция департаменти маълумотларига кўра, мазкур ЙТҲ соат 18:15да содир бўлган.
Аниқланишича, уч киши воқеа жойида ҳалок бўлган.
“47-йўналишдаги автобус йўловчиси бўлган эркак киши ўзаро келишмовчилик натижасида ҳайдовчи — аёл кишини урган. Натижада ҳайдовчи ҳушидан кетиб, транспорт воситаси бошқарувини йўқотган. Бошқарувдан чиқиб кетган автобус бекат яқинида турган одамлар билан тўқнашиб кетди.
Шунингдек, автобус тўртта автомашина билан ҳам тўқнашган. Ҳодиса оқибатида уч киши ҳалок бўлди, яна тўрт киши жароҳат олиб, касалхонага ётқизилди”, — дейилади полиция хабарида.
Автобус ҳайдовчисини урган шахс қўлга олинган.