Аввалроқ, Қашқадарёда 7-синф мактаб ўқувчиси унаштирилгани ҳақида видеолар тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани ўрганиш ишларини олиб бориб, видеода акс этган тадбир қизнинг туғилган куни муносабати билан ўтказилган маросим эканлигини маълум қилди.
Бироқ, тармоқ фойдаланувчилари қизнинг туғилган куни санасини гувоҳномасидан текшириш кераклигини, маросим ўтказилган кун билан ҳақиқатдан ҳам мос келиши ҳақидаги фикрларни билдирди.
Болалар омбудсмани раҳбари Сурайё Раҳмонованинг маълум қилишича, воқеа аслида май ойида содир бўлган.
“Ҳақиқатдан ҳам ўша ердаги ҳолатлар, деталлар унаштирув эканлигини кўрсатяпти. Лекин ўша воқеа қизнинг туғилган куни вақтига тўғри келган. Аммо 100 фоиз туғилган кун деб айтиш ҳам қийин. Туғилган кунидан ташқари унаштирув маросимини ўтказган бўлса ҳам, афсуски унаштирув ўтказиш юзасидан қонунчиликда тақиқ ёки жавобгарлик кўзда тутилмаган. Республикамизнинг айни ўша ҳудудларида қизларни эрта унаштирув, маросим урф-одатлари ҳали-ҳануз сақланиб келмоқда”,- дейди Сурайё Раҳмонова.
Аниқланишича, қиз Кўкдала туманидаги 68-мактабда таҳсил олади. Қизнинг онаси эса қизи 7-синф эмас, балки 8-синфда ўқишини, у куни ҳақиқатдан ҳам туғилган куни бўлганлигини айтган.
Унинг таъкидлашича, биринчи фарзандларининг туғилган кунларида тақинчоқ тақишади.
“Бизнинг қишлоғимизда ўзи шундай урф-одат бор. Туғилган кунида бахтли бўл қизим, деб табриклашади. Оддий совға у. Ҳеч қандай тўй, фотиҳа эмас. Туғилган кунида бахтли бўлсин, деб тилак билдирдик",- дейди қизнинг бувиси.
Маҳалла хотин-қизлар фаоли эса маҳаллада ҳеч қандай эрта турмуш ҳолати кузатилмаганини, агар шундай ҳолат бўлса юқори ташкилотларга мурожаат қилишини билдирган.