Божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари ҳибсга олингани ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларга сиздирилди. Қўмита раҳбарияти АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ҳолат юзасидан изоҳ берди.
Қайд этилишича, қўлга олинган шахс бўлим ходими мақомидаги шахс бўлиб, тўловлар бўлимида ишлаган ва у суғурта компанияси билан тил бириктирган. Божхона тизимида суғурта полиси асосида тўловларни маълум муддатга кечиктиришга рухсат бериш амалиёти бор.
"Божхона ходими суғурта компанияси билан келишиб, унинг манфаатини ноқонуний равишда ҳимоя қилган. Ходим ҳаракатлари икки ой давомида хавфсизлик ходимлари иштирокида кузатиб келинган, жиноят аломатлари тасдиқлангач эса ҳибсга олинган", - дейилади хабарда.
"Бу ерда божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш йўналишидаги бир амалиёт — суғурта компанияларидан тақдим қилинган суғурта полиси асосида маълум муддатга божхона тўловларини кечиктириш учун рухсат бериш ҳақида гап кетяпти", — дейди Божхона қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Илҳом Мухторов.
Текширув натижасида 145 миллиардга яқин маблағни суғурталаш орқали ўзлаштиришга эришмоқчи бўлишгани аниқланган.
Қайд этилишича, ходим қўмитанинг ўз хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда 2−3 ой кузатувда бўлган. Кузатув давомида унинг жиноий гуруҳларга аралашиб, уларнинг манфаатлари учун хизмат қилгани аниқланган.
Хизмат текшируви асосида ходим 23 ноябрь куни ишдан бўшатилган ва мана шу ҳаракатда жиноят элементлари бўлгани учун ходим бугунги кунда ҳибсга олинган.
Ҳозирда 145 миллиард сўм зарардан 84 миллиард сўми ундиришга эришилган. Компаниянинг бир-икки ходими чет элга қочиб кетган, улар қидирувга берилган.