Қашқадарё вилоятида йўлнинг ўртасида бир фуқаро бошқа бир фуқарони темир жисм билан урмоқчи бўлгани ва жабрланувчининг автомашинаси ойналарини уриб синдиргани акс этган видео ижтимоий тармоқларга сиздирилди. Ушбу ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти ИИБ Матбуот хизмати изоҳ берди.
Аниқланишича, жорий йилнинг 15 декабрь куни соат 16:50 атрофида Қарши шаҳар, Алишер Навоий кўчасида светофорнинг қизил чироғида ўз йўлида тўхтаб турган "Лада-Ларгус" автомобиль ҳайдовчисига қарама-қарши томондан ҳаракатланиб келган Cobalt автомобилида бўлган йўловчи тушиб, "Лада-Ларгус" ҳайдовчисига ташланиб урмоқчи бўлиб, автомашинанинг ойналарини темир жисм билан уриб синдирган.
Темир жисм билан ташланиб қолган фуқаро ҳолатга гувоҳ бўлган ИИБ ходимининг қонуний талабига бўйсунмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда, зарар миқдорини аниқлаш учун экспертиза тайинланган.
"Воқеа жойида бўлган ИИО ходимининг хатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади. Ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилади", - дейилади хабарда.