Аввалроқ ижтимоий тармоқларда 4,5 киловатт соатдан ортиқча электр энергияси ишлатган хонадон электр таъминотидан узилиши ҳақида хабарлар тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлди.
Ушбу ҳолат юзасидан Энергетика вазирлиги Ахборот хизмати расмий изоҳ берди.
Маълум қилинишича, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан электр энергиясини назорат қилиш ҳамда ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими доирасида истеъмолчиларга эҳтиёжлари учун зарур бўлган қурилмаларнинг минимал қувватидан ва жойлашган ҳудудидан келиб чиқиб, ҳисоблагич орқали 10 – 15 кВт қувват доирасида чеклов киритилиши кўзда тутилган.
Аниқланишича, соатига 4,5 киловатт/соат деган гап шу банднинг нотўғри талқини бўлган.
Бу амалиёт истеъмол юқори бўлган жойларда қўлланилади ва истеъмолчи ортиқча ускуналарни ўчириб, кучланишни белгиланган меъёрдан камайтирса, ҳисоблагич узоғи билан 15 дақиқа ичида автоматик равишда ёнади.
Бироқ ҳаво ҳароратининг совуқ кунларида истеъмолчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бу норма вақтинча бекор қилинган. Яъни, хонадон эгаси электр энергиясидан белгиланган меъёрдан ортиқча фойдаланганда, ҳисоблагич автоматик тарзда ўчириб қўйилмайди.
"Агар хонадонингизда электр токи ортиқча юклама билан ўчган бўлса, юкламани камайтирганингиздан сўнг электр таъминоти 10 – 15 дақиқа орасида автоматик равишда тикланади",- дейилади хабарда.