Аввалроқ, ижтимоий тармоқда талабалар учун поезд чипталарига чегирма чипталар сотиб бўлинганидан сўнг эълон қилингани ҳақида хабарлар тарқалди. "Ўзтемирйўлйўловчи" АЖ Матбуот хизмати ҳолатга изоҳ берди.
Қайд этилишича, ASU экспресс тизимида йўловчи поездларга чипталар 45 кун олдиндан сотувга чиқади. Янги йил байрами олдидан йўловчилар оқими ортиб, талабалар, Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаролар ўз манзилларига етиб бориш ва байрамни оила даврасида нишонлаш учун темир йўл транспортидан фойдаланади.
Хабарга кўра, ҳозирги кунда "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ томонидан йўловчиларни байрам олди кунларда манзилларига хавфсиз етказиш ва уларга қулайлик яратиш мақсадида қуйидаги йўналишларда қўшимча поездлар қўйилиши режалаштирилмоқда. Булар "Тошкент — Урганч", "Тошкент — Нукус", "Тошкент — Самарқанд", "Тошкент — Қарши" йўналишида қўшимча йўловчи поездлар қатнови жорий этилади. Бу ҳақида қўшимча маълумот берилади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, электрон тарзда 1 сутка мобайнида талабалар томонидан 1000 га яқин чипталар расмийлаштирилди.
"Чегирмали чипталарни талабалар ҳозир ҳам электрон тарзда харид қилишлари мумкин. Қўшимча йўловчи поездларга қўшимча вагонлар ҳам уланади. Барча тадбирлар "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ томонидан босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Йўловчилардан саросимага берилмасликни сўраб қоламиз", - дейилади хабарда.