Блогер Отабек Сатторий умумий тартибли колониядан манзил-колонияга ўтказилди. Бу ҳақда UzNews.uz'га Олий суд Матбуот хизмати хабар берди.
Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судида маҳкум О.Сатторийни ўталмай қолган озодликдан маҳрум қилиш жазосини манзил колонияга ўтказиш ҳақидаги илтимосномаси кўриб чиқилган.
Суд ҳукмига кўра, О.Сатторийнинг илтимосномаси қаноатлантирилган. Сатторийнинг ўталмай қолган 3 йил 8 ой 27 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси манзил-колониясига ўтказилган.
Эслатиб ўтамиз, Сатторий 2021 йилнинг май ойида товламачилик ва туҳмат қилишда айбланиб, 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Маълумот учун, манзил-колонияларда маҳкумлар соқчисиз, аммо назорат остида сақланадилар. Маҳкумлар эрталаб ўриндан туришдан кечки ётишгача бўлган вақт мобайнида колония ҳудуди доирасида фуқаровий кийимда эркин юришлари мумкин. Агар улар бажараётган иш ёки олаётган таълим тақозо этса, маъмуриятнинг рухсати билан колония ҳудудидан ташқарида назоратсиз юриш ҳуқуқига эга.
Шунингдек, ёнларида пул ва қимматли буюмлар сақлашлари, пулдан чекланмаган ҳолда фойдаланишлари, чекланмаган миқдорда телефон орқали сўзлашишлари, посилка, йўқлов ва бандероллар олишлари ҳамда жўнатишлари мумкин.