Тегишли қонун лойиҳаси билан Жиноят кодексининг 185-2-моддасига ўзгартишлар киритилмоқда.
Кодекснинг мазкур моддаси электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузишга нисбатан қўлланиладиган жазо чораларни қўллашни тартибга солади.
Киритилаётган ўзгартиришларга кўра, келгусида мазкур қоидабузарликлар учун маъмурий жазо қўлланилмайди, аксинча, шундай ҳаракатлар аниқланган дастлабки ҳолатдаёқ жиноий жавобгарлик белгиланади ва тегишли жазо чоралари тайинланади.
Яъни, умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ ёки водопровод тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ёхуд электр, иссиқлик энергияси, табиий газ, совуқ ёки иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш ёхуд бундай ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш анча миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, БҲМнинг 70 бараваридан бошлаб 1 йилдан 3 йилгача (амалдаги тартибга кўра, 1 йилгача) озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шунингдек,
– бу ҳаракатлар кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, БҲМнинг 150 бараваридан бошлаб 3 йилдан 5 йилгача (амалдаги тартибга кўра, 1 йилдан 2 йилгача);
– бу ҳаракатлар жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, БҲМнинг 300 бараваридан бошлаб 5 йилдан 7 йилгача (амалдаги тартибга кўра, 2 йилдан 3 йилгача) озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.
Биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.