Аввалроқ, ижтимоий тармоқда Андижон вилояти Бўстон туманида кўнгил очар тадбирда боғча ва мактаб ўқувчилари совуқда юпун ҳолда рақсга туширилгани акс этган видео тарқалди. Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолат юзасидан UzNews.uz'га изоҳ берди.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат жорий йилнинг 7 декабрь куни Бўстон тумани “Меҳнатобод” МФЙга қарашли янги кўча очилиш маросимидаги тадбирда содир этилган.
Туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда туман ҳокимлиги маданий тадбир дастуридан бехабар бўлганлиги сабабли ушбу дастурга болалар рақси киритилган. Ушбу вазиятда болалар ташқарида 5 дақиқа бўлганлигига қарамай уларнинг саломатлиги ҳамда хавфсизлигини инобатга олиб, мазкур салбий ҳолатга йўл қўйган тегишли мутасаддилар аниқланиб, интизомий чора кўрилиши режалаштирилмоқда.
“Хулоса ўрнида мактаб ўқувчилари ҳамда мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари таълимдан ташқари турли тадбирларга жалб этилмаслигини, об-ҳаво ҳарорати кескин ўзгарган вақтларда уларнинг саломатликларига салбий таъсир қилиши мумкин бўлган омиллар мавжуд эканлигидан келиб чиққан ҳолда келажак авлодимизга эҳтиёткорона муносабатда бўлишлари зарур эканлигини таъкидлаб қоламиз”, — дейилади хабарда.