Жорий йилнинг июнь ойида Тошкент вилояти Бўка туманида ўғирликда гумонланган 36 ёшли эркак ИИБ биносида қийноқ натижасида вафот этган ҳақида хабар берилганди.
Тошкент вилояти суди Матбуот хизматининг UzNews.uz'га хабар қилишича, 1 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Ўрта Чирчиқ туман судида мазкур иш кўриб чиқилган.
Суд ҳужжатларига кўра, ишда Бўка туман ИИБ ЖҚБ бошлиғи 37 ёшли Ж.С., мазкур бўлимнинг 2 нафар ходимлари 38 ёшли Д.Ж. ва 31 ёшли Ш.Ғ.лар ҳамда маҳалла инспектори 31 ёшли Т.С. айбдор деб топилган.
Аниқланишича, мазкур ходимлар ўзаро тил бириктирган ҳолда фуқаронинг қорамоли ўғирлаб кетилганлиги ҳолати юзасидан ёзган аризаси бўйича Юқори Чирчиқ туманида яшовчи С.А.ни айбдорлигида гумон қилиб, Юқори Чирчиқ тумани ИИБ биносига олиб боришган.
У ерда Ж.С. С.А.ни асоссиз равишда калтаклаган. Калтаклардан кейин ҳам унинг айбини исботлай олмаган ходимлар жиноятини содир этилганлигини ноқонуний йўллар билан тасдиқлаш мақсадида, эркакни Бўка туман ИИБга олиб боришган.
ИИБ биносида эркак мазкур ходимлар томонидан процессуал тартиб бузилган тарзда махсус сўров хонасига эмас, балки хизмат хонасига олиб чиқилиб, бошқа жиноятга алоқадорлиги бўйича суриштирув ўтказилган. Жараёнда фуқаро яна калтакланиши натижасида, унинг соғлиғи ёмонлашиб, ўлим юз берган.
Суд ҳукми билан Ж.С. ЖКнинг 207-моддаси 3-қисми “а” банди, 234-моддаси 1-қисми, 235-моддаси 2-қисми “а" ва "в” бандлари билан 7 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Д.Ж. ва Ш.Ғ.лар ЖКнинг 234-моддаси 1-қисми, 235-моддаси 3-қисми билан айбли деб топилиб, Д.Ж.га 8 йил 6 ой, Ш.Ғ.га эса 8 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, профилактика инспектори Т.С.га ЖКнинг 235-моддаси 2-қисми “а" ва "в” бандлари билан 6 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.