Енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, ярим марафон бўйича миллий рекорд соҳиби Шоҳруҳ Давлатов марафон дастурида (42 км, 195 метр) Париж-2024 Олимпиада нормативини бажаришга муваффақ бўлди. Бу ҳақда Олимпия қўмитаси хабар бермоқда.
Давлатов Испанияда ўтган нуфузли Valencia Marathon Trinidad Alfonso турнирда 2:07:02 (2 соат, 7 дақиқа, 2 сония) натижа қайд этди. Бу Париж-2024 Олимпиадаси учун қўйилган талабдан 1 дақиқа, 8 сония яхшироқ натижа.
Шунингдек, Шоҳруҳ ушбу кўрсаткич билан 38 йил аввал ўрнатилган миллий рекордни (2:13:28) ҳам янгилашга муваффақ бўлди. Валенсиядаги нуфузли мусобақада Давлатов умумий ҳисобда 19-ўринни эгаллаган.