Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан "Умакай" ЙПХ масканида ўтказилган тезкор тадбирда Қарши-Самарқанд-Тошкент йўналиши бўйича ҳаракатланаётган фуқаро Ф.Э. бошқарувидаги Cobalt автомашинаси тўхтатилиб кўздан кечирилганда, фуқаро Б.Х. жами 500 кг истеъмолга яроқсиз қорамол гўштини Тошкент шаҳрида ўтказиш мақсадида олиб кетаётганлиги аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.
Яна бир ҳолатда эса Самарқанд-Тошкент йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган фуқаро Э.М. бошқарувидаги Isuzu юк автомашинасида фуқаро Н.Р. жами 165 кг истеъмолга яроқсиз қорамол гўштини Тошкент шаҳрида ўтказиш мақсадида олиб кетаётганлиги аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан ЖКнинг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.