Эндиликда миграция ва фуқароликни расмийлаштириш ҳамда транспортни рўйхатга олиш бўйича давлат хизматлари хизмат кўрсатувчи ходим томонидан мурожаат этувчининг яшаш жойига бориб, планшет ёки компьютерга ўрнатилган техник қурилмалар ёрдамида қўшимча тўлов асосида кўрсатилади.
Ташқи реклама бозори иштирокчилари учун тенг шароитлар яратиш ҳамда соҳада шаффофликни таъминлашга қаратилган "Ташқи реклама" рақамли мониторинг электрон тизими жорий этилади.
Давлат мулки бўлган ер участкаларида, бино ҳамда иншоотларда ташқи реклама ва ахборот объектлари (конструкциялари) учун реклама жойининг паспорти ҳамда уларни ўрнатиш учун шартномалар оммавий оферта шаклида «E-auksion» электрон савдо платформасининг ягона электрон савдо майдончасида аукцион ғолибига автоматик тарзда берилади.
Транспорт воситаси эгасига транспортни бошқариш ҳуқуқи ўтказилган шахс билан биргаликда тегишли ҳужжатни (ишончнома ва бошқалар) тақдим этган ҳолда, давлат ЙҲХ хизмати органларини транспортни бошқариш ҳуқуқини ўтказганлиги ҳақида хабардор қилиш ҳуқуқи берилади.
Бунда, хабарнома олинган кундан бошлаб ваколатли орган томонидан ЙҲХ хизматининг Ягона автоматлаштирилган ахборот-таҳлил тизимига тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳамда ушбу транспортда содир этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун бошқариш ҳуқуқи ўтказилган шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириш тартиби жорий этилади.
Давлат спорт-таълим муассасаларига ўқувчиларнинг ҳужжатларини қабул қилиш ҳамда уларнинг ўқишини кўчириш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти;
Ўзбекистон футбол ассоциацияси футбол академияларига ўқувчиларнинг ҳужжатларини қабул қилиш ҳамда уларнинг ўқишини кўчириш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти белгиланмоқда.
Республикада кучли зилзилалар ҳақида эрта огоҳлантириш миллий тизими босқичма-босқич ишга туширилади ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бунга масъул этиб белгиланади.
Шунингдек, “Рақамли ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформасида рақамли шаклда тақдим этилиши орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан 47 турдаги маълумотларни талаб қилиш бекор қилинади.