Поиск
RUUZ

Криминал

Фарғонада юзига ниқоб тақиб, уй эгасини пичоқлаб, босқинчилик қилган шахслар ушланди

Босқинчилар хонадондан 6,5 млн сўм, $1,5 минг ва жами нархи 20 млн сўмлик тилла тақинчоқларни олиб чиқиб кетишган.

161views0replies
0

Видеодан кадр

Жорий йилнинг 23 ноябрь куни тунги соат 03:00 атрофида Марғилон шаҳрида жойлашган хонадонларнинг бирида босқинчилик жинояти содир этилди.
Аниқланишича, 2 нафар номаълум шахслар бир гуруҳ бўлиб ўзганинг мулкини босқинчилик йўли билан қўлга киритиш мақсадида ниқобланган ҳолда пичоқлар билан қуролланиб, Марғилон шаҳар "Юксалиш" МФЙдаги хонадонга қўшнининг девори орқали ошиб киришган.
Босқинчилар дастлаб электр таъминотини узишган ва уй ичидаги хоналарга бирма-бир кириб боришган. Шу вазиятда уй эгаси босқинчиларни кўриб қолган.
"Мен ушбу хонадондагиларни танимас эдим. Қўшнисининг уйида устачилик қилиб ишлаб юрганимда ҳовлисини кўрганман. Қўшнисининг уйида соат 02:30 га қадар кутиб турдик. Шундан сўнг девордан биринчи мен ошиб ўтдим ва электр таъминотини узиб қўйдим. Кейин уй хоналарига кириб бордик. Ичкарига кирганимизда уй эгасининг аёли чиқиб келди ва шеригимни кўриши билан бақириб юборди. Кейин эри югуриб чиқди", - деди босқинчилардан бири.
Босқинчилар уй эгаси ва унинг турмуш ўртоғига ташланиб, қўлларидаги пичоқ билан уларга тан жароҳати етказишган. Шунингдек, уй эгаси билан бирга яшовчи ёши кекса бўлган ота-онасини ҳам қўрқитиб, уйдаги пул ва қимматбаҳо буюмларни беришларини талаб қилишган.
Босқинчилар жабрланувчилардан 6,5 млн сўм, 1 500 АҚШ доллари ва жами нархи 20 млн сўмлик тилла тақинчоқларни қўлга киритган босқинчилар воқеа жойидан яширинишган.
Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона вилояти ИИБ тезкор ходимлари томонидан олиб борилган тадбирда ушбу жиноятни Тошкент вилояти Паркент туманида яшовчи 1990 йилда туғилган фуқаро ҳамда Сурхондарё вилояти Денов туманида яшовчи 22 ёшли шахслар содир этганлиги аниқланиб, далилий ашёлар билан қўлга олинди.
Ҳолат юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Марғилон шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан ЖКнинг 164-моддаси (босқинчилик) 3-қисми "в" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Гумонланувчилар процессуал тартибда ушланган.
161views0replies
0

Комментарии